Тожикистон президенти Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовдан ўрнак олган ҳолда ўз асарларини тожик мактабларида ўқитишни йўлга қўйди. Айни пайтда Ислом Каримов минтақа президентлари орасида энг кўп китоб ёзган президент сифатида кўрилади.
Имомали Раҳмоннинг китобларини Душанбеда камдан кам одам ўқиган
Тожикистонда президент Имомали Раҳмоннинг “Тожиклар тарих кўзгусида” деб номланган 4 томлик асари мактабларда ўргатиладиган бўлди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизматига Маориф ва фан вазирлиги расмийси Абдужаббор Алиев маълум қилган.
- Мамлакатдаги таълим даргоҳлари ўқитувчиларига бу китоб бўйича турли муҳокамалар, давра суҳбатлари ўтказиш таклиф қилинди. Китоб ҳозир барча кутубхоналарга тарқатилган, уни барча ўқитувчилар ўқиб чиққан, деди Абдужаббор Алиев.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Айни пайтда Озодликнинг тожик хизмати мухбирлари Душанбе шаҳрида оддий одамлар орасида президент асарларини ўқиган ёки ўқимаганликлари ҳақидаги саволга жавоб сўради. Сўровда иштирок этган душанбеликларнинг асосий қисми Имомали Раҳмон асарларидан беҳабар эканликларни айтган.
Душанбеда китоб савдоси билан шуғулланувчи Бобожон Каримовнинг айтишича, президентнинг китоблари жуда қиммат бўлгани учун ҳам уларни сотиб олувчи одамлар жуда кам.
- Китоб дўконларида президентимизнинг бир қатор китоблари бор. Сифати жуда яхши, яхши қоғозга босилган. Бироқ нархи жуда қиммат, -дейди Бобожон.
Ислом Каримов “ижодкор” президентлар орасида биринчи ўринда
Марказий Осиёда Ўзбекистон ва Туркманистонда президент китобларини мактабларда ўқитиш анъанага айланган. Ўзбекистонда президент китобларидан ташқари президентнинг айрим нутқлари ҳам мактабларда ўқитилади.
Масалан¸ 2014-2015 ўқув йилида Ислом Каримовнинг2014 йил май ойида Самарқандда ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуманда қилган маърузаси ўрта мактабларда факультатив машғулот сифатида ўқитиладиган бўлди. Бу ҳақда Озодлик радиосига Ўзбекистон Маориф вазирлиги расмийси билдирган эди.
- Мактаб ихтиёрида 34 соат бор. Шундан олти соати президентимизнинг 15-16 май кунлари Самарқанддаги халқаро анжуманда сўзлаган нутқига ажратилган. Кейин кетидан “Юксак маънавият енгилмас куч” китоби 10 соат ўқитилади, кейин иккинчи ярим йилликда “Ўзбекистон мустақилликка эришиш бўсағасида” асари алоҳида дарс сифатида ўқитилади, деди Маориф вазирлиги расмийси.
Ўзбекистондаги китоб дўконларида айни пайтда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов тўла асралар тўпламининг 20-жилди сотувга чиқарилган. Uzkitob.uz Интернет магазини эса 312 бетдан иборат 20-жилдни харидорларга 6400 сўмдан таклиф қилмоқда.
2008 йилнинг 27 майида Британияда чиқадиган "Таймс" газетаси президент Каримовнинг чоп этилган асарлари умумий нусхаси 30 миллионга етгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ бу хабарнингг нақадар асосли экани борасида Ўзбекистонда расмий маълумот йўқ.
2011 йилнинг 17 мартида Озодлик радиоси Жаслиқ қамоқхонасида маҳбуслар президент Каримов китобини овоз чиқариб ўқишга мажбур қилинаётгани ҳақида ўз манбааларига таянган ҳолда мақола эълон қилган эди.
Минтақа президентлари китоб ёзишга ишқибоз
Минтақа мамлакатлари президентлари китоб ёзиш борасида Ўзбекистон президенти каби сермаҳсул эмас эканлар. Туркманистон собиқ президенти Сапармурод Ниёзовнинг “Руҳнома” номли асар ёзгани маълум. Бу асар туркман мактабларида ўқитилган. Туркманистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ҳам “Руҳнома”дан имтихон топшириш керак бўлган.
Ниёзов ўлимидан сўнг унинг асари мактаб дастуридан олиб ташланди ва ўрнига янги президент Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг “Бахт қуши”, “Тирик афсона”, “Яхшидан ном қолади”, “Қанотли тулпорлар” каби асарлари ўқитила бошланди.
“Қозоғистон тарихчилар конгресси” эса президент Нурсултон Назарбоев асарларини мактаб дастурларига киритиш таклифини тез-тез такрорлаб туради. Аммо шу кунгача бу таклиф инобатга олинган эмас.
Қирғизистоннинг аввалги президентлари Асқар Ақаев ва Қурмонбек Бакиев президент бўлганларидан сўнг ҳар бири иккитадан китоб ёзишга улгурган. Бироқ бу китобларнинг мазмуни у ёқда турсин, уларнинг номларини ҳам камдан-кам одам эслай олади.
Қирғизистоннинг янги президенти ўз бизнесини жаҳон адабиёти намуналарини қирғиз тилига таржима қилиб нашр этишдан бошлаган. Бироқ Алмазбек Атамбаев президент бўлганидан бери у ҳали бирорта китоб ёзгани йўқ.