Украинада уруш хавфи - Россия давлат телеканаллари оловга мой сепмоқда

Россия давлат телевидениесида жанг довуллари қоқилгани сайин Москванинг Украинага бостириб киришга шайлиги билан боғлиқ хавотирлар зўраймоқда.

Бироқ, расмий ТВ экспертлари ва бошловчилар оловга ҳарчанд мой пуркамасин ва Украина чегаралари яқинига ўн минглаб аскар йиғилган бўлмасин, ҳануз аксар россияликлар урушни ёқламайди.

Пропагандачи Ольга Скабеева Россияда машҳур “60 минут” ток-шоусининг бу ҳафтадаги сонини одатдаги тарзда – Украина ҳукуматини танқид қилиш ва унинг Ғарбдаги тарафдорларига заҳарханда билан бошлади.

Мавзуга алоқадор Путин йиллик матбуот анжуманини ўтказди

Ушбу дастур эфирга узатилишидан атиги бир неча кун олдин Россия Қўшма Штатлар ва НАТОга хавфсизлик кафолатларига доир талаблари рўйхатини эълон қилган, унда, хусусан, Украина ва бошқа собиқ совет республикаларини Ғарбнинг ҳарбий альянсига қабул қилмаслик мажбуриятини юклаган эди.

Скабеева дастур аввалида шу ҳақда қисқача ахборот берди ва кейин бирданига жазава оҳангида сўзлай кетди.

– Россия АҚШни, таъбир жоиз бўлса, цугцванг ҳолатига (шахмат ўйинидаги ҳар бир навбатдаги юриш аҳволни қийинлаштирадиган вазият – таҳр.) қўймоқда: улар ё ўз ихтиёрлари билан чекинишади, ёки биз чекинишга куч билан мажбур қиламиз. Шунингдек Россия Украинани, яна-тағин Украина давлатчилигини сақлаб қолиш бўйича ҳеч бир мажбуриятни зиммасига олмайди, – камерага кўзларини қадаганча хитоб қилди Скабеева, унга жўр бўлган шиддатли мусиқа садолари остида.

20 декабрь куни эфирга узатилган дастур Россия ток-шоулари бошловчи ва шарҳловчиларининг шусиз ҳам ҳаддан ортаётган муболаға оҳангига янги куч берди.

Сўнгги кунларда Кремль, агар Ғарб унинг талабларига рози бўлмаса, Украинада ҳарбий жавоб чораларини кўриши ҳақида огоҳлантирганидан сўнг телевидениеда урушқоқлик кайфияти авж пардасига чиқди.

Мавзуга алоқадор Россия нега Ғарбга ультиматум қўймоқда ва НАТО бунга қандай жавоб беради?

Москва илгари сурган талаблар НАТОнинг шарқ томон кенгайишини тўхтатишдан ташқари, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб мамлакатлари Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиёда ҳарбий фаолиятни тўхтатишга, хусусан, постсовет маконда янги ҳарбий базалар ташкил этмасликка ваъда бериши кераклигини назарда тутади.

Россия билан Қўшма Штатлар ўртасида музокаралар январь ойида бошланиши кутилмоқда, АҚШ расмий шахслари ҳозирданоқ айрим шартлар номақбуллигини маълум қилишди.

Россия ва Ғарбдаги баъзи таҳлилчилар фикрича, Москва, Украинага қарши янги ҳужум бошлаган тақдирда Вашингтон ҳамда НАТОни конструктив мулоқотга лаёқатсизликда айблаш ва ҳарбий ҳаракатлар учун жавобгарликни уларга тўнкаш мақсадида атайлаб ушбу шартларни қўйган.

Бу орада Москвадаги расмийлар Ғарбни зудлик билан жавоб беришга чақиришмоқда.

21 декабрь куни Россия ҳарбий раҳбарлари билан учрашувда президент Владимир Путин ўзининг жанговар баёнотлари билан, Ғарб ён бермаган тақдирда Москва куч ишлатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Мавзуга алоқадор “Ғарб прагматизми диктаторларни ҳаддидан оширяпти”. Дарья Навальная отаси номидан Европарламентда нутқ сўзлади

– Биз бу таҳдидларни кўрмаяпмиз, деб ўлашадими? Ёки биздан Россияга қаратилган таҳдидларга томошабин бўлиб туришимизни кутишадими? Ҳамма муаммо мана шунда, улар бизга бошқа ҳеч қандай йўл қолдиришмаяпти, – деди Путин.

Путин Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига қатор эътирозларини санади, уларни президент ва бош вазир лавозимида ишлаган 22 йил мобайнида бир неча марта айтиб ўтган.

Россия томонидан дастакланаётган Донбасс айирмачиларига қарши 2014 йилдан бери кураш олиб бораётган Украина борасида Кремль Ғарб билан зиддиятни кучайтирган ондан Россия давлат телевидениеси бу “эски пластинка”ни зўр бериб айлантирмоқда.

– Очиғини айтганда, пичоқ суякка қадалди... Сиз бизнинг чаккамизга тўппонча тирайдиган бўлсангиз, биз ҳам сизга шуни қиламиз. Бу қўлимиздан келади, – деди якшанба оқшомидаги “Вести недели” дастурида Кремлнинг асосий пропагандачиларидан бири бўлмиш Дмитрий Киселёв, турган гапки, гўё Россияга таҳдид солаётган ҳарбий хуружларни назарда тутиб.

Ундан аввалроқ эса Путин Украинада давом этаётган қуролли можарони Киевнинг русийзабон аҳолига қарши “геноциди”, деб атаган эди.

АҚШнинг Киевдаги элчихонаси Twitter’да бунга жавобан “геноцидда асоссиз айблаш хавфли ва масъулиятсиз хатти-ҳаракат”, деб ёзди. Бироқ “60 минут” каби дастурлар фурсатни бой бермай Путиннинг сўзларини дастаклашга киришиб кетди.

– Украинада содир бўлаётган воқеалар – бу геноцид. Уни дастлаб СССРни яксон қилган, сўнгра Ельцин даврида ноқонуний хусусийлаштиришда иштирок этган ва Россияни емиришга уринган ўша МРБ (Марказий разведка бошқармаси – таҳр.) жосуслари амалга оширмоқда, – деди Скабеева 13 декабрь куни.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Россия Украинага бостириб кирмаган тақдирда ҳам давлат телевидениесидаги урушга гижгижловчи сон-саноқсиз чиқишлар, шунингдек Путиннинг НАТО ҳақидаги кескин баёнотларини жанговар эҳтирос билан талқин қилишлар ўз-ўзидан, президентнинг анча пасайиб қолган рейтингини бирмунча кўтаради.

Аммо, 2014 йилдагидан фарқли ўлароқ, бугунги кунда иқтисодий муаммолардан норози россияликлар Путиннинг чет элдаги ҳар қандай ҳарбий авантюрасини ёппасига қўлламаслиги табиийдир.

“Кремль телевидениеси ва интернетдаги пропаганда машиналари кенг кўламда фаолият олиб боради, бироқ улар одамларнинг ўй-фикрларини ва ўзлари учун энг муҳим нарсаларга муносабатини ўзгартиришга қодир эмас. Путин Украинага хуруж қилгудек бўлса, буни мамлакат ичкарисидаги кенг жамоатчилик дастагисиз ҳам қила олади, аммо бу ишидан сўнг аҳоли орасида уни қўллаб-қувватловчилар камайиб кетиши деярли аниқ”, деб ёзди Россия бўйича экспертлар Сэм Грин ва Грэм Робертсон 8 декабрь куни “Washington Post” газетасида чоп этилган мақоласида.

Айни чоғда “жамоатчилик фикри Путин риторикасини лоақал қисқа вақтга қувватлаши мумкин”, деган тахмин ҳам бор.

Яқинда “Левада-центр” социологлари томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Украина атрофида юзага келган кескинлик учун россияликларнинг ярми АҚШ ва НАТОни, 16 фоизи Украинанинг ўзини ва атига 4 фоизи Россияни айбдор деб ҳисоблайди.

Бу, агар Россия раҳбарияти Украинага янги ҳужум бошлашга қарор берса, ўз аҳолисидан жамоавий дастак олишини билдирадими, йўқми? Москвадаги Карнеги марказининг “Ички сиёсат” дастури раҳбари Андрей Колесников ҳукумат измидаги телеканалларнинг вазиятни бу тарзда ёритиши россияликларда урушга нисбатан шаклланиб бўлган салбий муносабатга ҳеч бир таъсир эта олмаслигини таъкидлайди.

“Давлат пропагандаси мамлакат ҳарбий қудратини ишга солиш билан жуда кўп дағдаға қилди. Ва халқ сафарбарлиги ўрнига янги жаҳон уруши даҳшатини бунёд этди”, деб ёзди Колесников “Moscow Times”да эълон қилинган мақоласида.