Андижон ҳайвонот боғида шер қоровулни ғажиб ташлади

Ўзбекистон ҳайвонот боғлари ва циркда ҳайвонлар ўта аянчли шароитда сақланиши ҳақида ҳайвон ҳимоячилари ташвиш билдиришади.

Андижон ҳайвонот боғида шер боғ қоровулини ғажиб ташлади. Воқеа 30 декабрь рўй бергани бугун маълум бўлди.

Ҳайвонот боғи ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, боғ қоровули қафасга овқат олиб кирган пайтда шер унга ташланган, оқибатда шер чангалида ҳалок бўлган.

Бу хабарни ички ишлар бўлими навбатчиси тасдиқлади

Андижон вилоят, Хўжаобод тумани Боғишамол мавзесидаги ҳайвонот боғида шер сақланадиган қафасга овқат олиб кирган боғ қоровули шерга ем бўлди.

Озодликка маълум бўлишича, ҳайвонот боғи қоровули бўлиб ишлаган ва айни пайтда ҳайвонларга қараб келган Хўжаобод тумани Кўприкбоши МФЙ яшовчи 45 ёшли Ҳ.А. "Симба" лақабли шер чангалида ҳалок бўлган.

Суд-тиббий экспертизасининг олинган дастлабки маълумотномасига кўра, "бўйин ва тананинг бошқа соҳаларида кўплаб очиқ яралар, тананинг орқа юзасида кўплаб ўткир ботиқ яралар жароҳатлари" етказилиши ва ўткир қон томир етишмовчилиги натижасида қоровул воқеа жойида вафот этганлиги аниқланган.

30 декабрда рўй берган ҳодиса ҳақида ҳайвонот боғининг исми сир қолишини сўраган ходими Озодликка сўзлаб берди:

- Ҳам қоровул, ҳам ҳайвон боқувчи эдилар. Қафасга овқат олиб кирган маҳал шер унга ташланиб, тилкалаб ташлаган. Шер оч қолиб кетган, деган тахмин бор.

Андижон шаҳар Ички ишлар бўлими навбатчиси Озодликка ҳайвонот боғида шундай ҳодиса бўлганини тасдиқлади, лекин матбуотга бу ҳақда тўлиқ маълумот беролмаслигини айтди.

Ўзбекистонда катталиги жиҳатдан Тошкент ҳайвонот боғидан кейин иккинчи ўринда турувчи Андижон ҳайвонот боғи 2016 йилда очилган. Унда эллик турдан кўп ҳайвон сақланади.

Ҳайвонот боғи Хўжаобод тумани Хидирша МФЙ ҳудудида жойлашган, "Усмонобод файзи" масъулияти чекланган жамиятига қарашли.

Хўжаобод туман маданият бўлими мулозими Озодликка ҳайвонот боғи хусусий ширкат тасарруфида экани боис, фожиа юзасидан изоҳ беролмаслигини айтди.

Ҳайвонот боғи раҳбариятидан эса, Озодлик ҳозирча изоҳ ололмади.

Ўзбекистон ҳайвонот боғларида ҳайвонларнинг одамга ташланиши кузатилмаган.

Лекин ўтган йили Тошкент циркида "Рижик" лақабли маймунни йўлбарс еб қўйгани ҳақида Озодлик хабар берганди.

Ўзбекистон ҳайвонот боғлари ва циркда ҳайвонлар ўта аянчли шароитда сақланиши ҳақида ҳайвон ҳимоячилари ташвиш билдиришади.

Тошкентдаги Ўзбек Давлат Циркининг ходимлари ҳам ем-ҳашак ва озуқа йўқлиги сабаб артист ҳайвонлар "кун сайин озиб, ўласи ҳолга келгани" борасида Озодликка шикоят қилишган эди.