Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний норозилик ва намойишларни тартибга солувчи қонунларни бир неча бор бузганликда айбланиб, 2 октябрь куни 20 суткага ҳибсга олинди.
Москва шаҳридаги Симонов тумани суди президент Владимир Путиннинг машҳур мухолифи Алексей Навальний ва унинг сайловолди штаби бошлиғи Леонид Волковни қонунни бузган деб топиб, 20 кунга қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Навальний 29 сентябрь куни Нижний Новгород шаҳрига кетаётган поездга чиқарилмай, Москва шаҳрида ҳибсга олинди. У Волга дарё бўйида жойлашган шаҳар марказида президент сайловига бағишланган митингда қатнашмоқчи эди.
У 10 соатдан сўнг қўйиб юборилди, аммо митингда нутқ сўзлай олмади.
Полиция маҳкамаси вакилининг хабар қилишича, Навальний одамларни рухсат этилмаган митингларда қатнашишга даъват қилгани учун ҳибсга олинди.
Навальний митингларни давом эттиришга ваъда берди. У 7 октябрь куни Путин туғилган Санкт-Петербург шаҳрида унинг 65 ёши муносабати билан намойиш ташкил қилмоқчи эди.
– Биз қанчалик қаршилик бўлишига қарамай, қилаётган ишларимизни тўхтатмоқчи эмасмиз, – деди Навальний журналистларга Москва полиция маҳкамасидан қўйиб юборилгандан сўнг.
У 1 октябрь куни Архангелск шаҳридаги митингда нутқ сўзлаган эди.
41 яшар Навальний ўтган йили 2018 йил март ойида бўлиб ўтадиган президент сайловида номзодини қўйишини эълон қилди. У президент Путиннинг танқидчиси сифатида Россия бўйлаб кампания ўтказиш учун 60 та офис очди.Тарафдорлари билан бирга ўнлаб митинглар ўтказди. Сўнгги ҳафталарда ташкил этилган митингларда юзлаб-минглаб кишилар қатнашди.
Россия Марказий сайлов комиссияси вакиллари Навальнийнинг 2013 йили Москва шаҳар мэри сайловида иштирок этиб, 27 фоиз овоз олганини айтиш баробарида 2009 йилги сайловда гўё жиноят содир этгани учун энди сайловда қатнаша олмаслигини айтмоқда. Навальний айбсиз эканини, жиноят ишларини Кремль уни мухолифлик фаолияти учун жазолаш мақсадида тўқиб-бичаётганини айтмоқда.
Сентябрь ойининг бошида Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг билдиришича, миллатчилар, яъни Путин тарафдорлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари Навальний уюштираётган кампаниялар тарафдорларини “доимий тарзда” тақиб қилмоқда ва уларга ҳужум қилмоқда.
Навальнийнинг мамлакат бўйлаб ўтказилаётган кампаниялари мувофиқлаштирувчиси Леонид Волковга кўра, Нижний Новгород шаҳрида ўтказилган митинг вақтида ҳокимият идоралари ўнлаб фаолларни ҳибсга олди.
Волковнинг иши ҳам Симонов тумани суди мажлисида кўриб чиқилади.